
Қонунчилик
960-модда. Икки томонлама суғурта, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексидан кўчирма
Фуқаролар ва юридик шахслар ўз мол-мулкларини ҳамда ушбу Кодекс 915-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган бошқа мулкий манфаатларини икки тарафлама асосда, бунинг учун икки томонлама суғурта қилиш жамиятларида зарур маблағларни бирлаштириш йўли билан суғурта қилишлари мумкин.
Икки томонлама суғурта қилиш жамиятлари ўз аъзоларининг мол-мулки ҳамда бошқа мулкий манфаатларини суғурта қилишни амалга оширади ва тижоратчи бўлмаган ташкилот ҳисобланади.
Икки томонлама суғурта қилиш ташкилотлари томонидан ўз аъзоларининг мол-мулки ва мулкий манфаатларини суғурта қилиш, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бундай ҳолларда суғурта шартномалари тузиш назарда тутилмаган бўлса, бевосита аъзолик асосида амалга оширилади.
Ушбу бобнинг қоидалари, агар қонунда, тегишли жамиятнинг таъсис ҳужжатларида ёки жамият белгилаган суғурта қилиш қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, икки томонлама суғурта қилиш жамияти билан унинг аъзолари ўртасидаги суғуртага доир муносабатларга нисбатан қўлланилади.
Икки томонлама суғурта қилиш йўли билан мажбурий суғуртани амалга оширишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
Икки томонлама суғурта қилиш жамияти суғурталовчи сифатида, агар унинг таъсис ҳужжатларида суғурта фаолиятини амалга ошириш назарда тутилган, жамиятнинг ўзи тижорат ташкилоти шаклида тузилган, тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлса ва қонунда белгиланган бошқа талабларга жавоб берса, жамиятнинг аъзолари бўлмаган шахсларнинг манфаатларини суғурта қилишни амалга ошириши мумкин.
Икки томонлама суғурта қилиш жамиятининг аъзоси бўлмаган шахсларнинг манфаатларини суғурта қилиш жамият томонидан суғурта шартномалари асосида ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Икки томонлама суғурта қилиш жамиятлари ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари ва уларнинг фаолият юритиш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси 3-§. Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар
73-модда - Матлубот кооперативи
Иштирокчиларнинг моддий (мулкий) эҳтиёжларини қондириш мақсадида фуқароларнинг аъзоликка асосланган ихтиёрий бирлашмаси матлубот кооперативи ҳисобланиб, бу бирлашув унинг аъзолари томонидан ўз мулкий (пай) бадалларини қўшиш йўли билан амалга оширилади.
Матлубот кооперативининг уставида ушбу Кодекс 43-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: кооператив аъзолари қўшадиган пай бадалларининг миқдори тўғрисидаги; кооператив аъзолари пай бадалларининг таркиби ва уларни қўшиш тартиби ҳамда уларнинг бадални қўшиш мажбуриятини бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги; кооперативни бошқариш органларининг таркиби ҳамда ваколатлари ва улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, шу жумладан қарорлар бир овоздан ёки овозларнинг малакали кўпчилиги билан қабул қилинадиган масалалар тўғрисидаги; кооператив кўрган зарарларни кооператив аъзолари томонидан тўлаш тартиби тўғрисидаги.
Матлубот кооперативининг номида унинг фаолиятининг асосий мақсади кўрсатилиши, шунингдек «кооперативи» сўзи ёки «матлубот уюшмаси» ёхуд «матлубот жамияти» деган сўзлар бўлиши керак.
Матлубот кооперативининг аъзолари кўрилган зарарни йиллик баланс тасдиқланганидан кейин уч ой мобайнида қўшимча бадаллар тўлаш йўли билан қоплашлари шарт. Ушбу бурч бажарилмаган тақдирда кооператив кредиторларнинг талабларига мувофиқ суд томонидан тугатилиши мумкин.
Матлубот кооперативининг аъзолари унинг мажбуриятлари бўйича ҳар бир кооператив аъзоси тўлайдиган қўшимча бадалнинг тўланмаган қисми доирасида субсидиар жавобгар бўладилар. Бу ҳолда кооператив аъзолари солидар жавоб берадилар.
Матлубот кооперативининг тижорат фаолиятига нисбатан ушбу Кодекснинг тижоратчи ташкилотлар тўғрисидаги қоидалари қўлланилади
Матлубот кооперативларининг ҳуқуқий мавқеи, шунингдек улар аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ белгиланади.
77-модда - Юридик шахслар бирлашмалари
Матлубот кооперативларининг ҳуқуқий мавқеи, шунингдек улар аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ белгиланади.
Тижорат ташкилотлари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида нотижорат ташкилотлар ҳисобланувчи уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмаларига бирлашишлари мумкин. Агар иштирокчиларнинг қарорига мувофиқ уюшмага (иттифоққа) ва ўзга бирлашмага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш вазифаси юклатилса, бундай уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашма ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантирилиши керак ёхуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятлари тузиши ёки уларда иштирок этиши мумкин.
Нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек муштарак манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузишлари мумкин.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар юридик шахс ҳисобланади.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари ўз мустақилликларини ва юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмалар ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг аъзолари уларнинг мажбуриятлари бўйича уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.
Уюшма (иттифоқ) ва ўзга бирлашмаларнинг номи уларнинг асосий фаолиятини кўрсатиши, унга «уюшмаси», «иттифоқи» сўзлари ёки бирлашма турини кўрсатадиган бошқа сўз киритилган бўлиши керак.
Қонун ҳужжатларида юридик шахслар бирлашмалари ҳуқуқий мавқеининг хусусиятлари белгиланиши мумкин.
Ўзаро суғуртани ривожланиш истиқболлари
Шунигдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 апрел 2019 йил Ф-5464-сонли Фармойиши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланган.
Концепцияда бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга “Суғурта, жумладан ўзаро суғурталаш институтининг ривожланиши, шунингдек ихтиёрий бадаллар инвестициясидан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитларни яратиш” белгиланган.
Бу нима дегани? Бу, Ўзбекистонда олдин ҳеч ишламаган, ўзаро суғурта институтининг ҳуқуқий мақоми янада мустаҳкамланиши ҳамда дунёда ўзаро суғуртанинг тутган ўрни, яъни ялпи суғурта бозорининг қарийиб 30 фоизини (https://www.icmif.org/publications/infographics/global-mutual-and-cooperative-market-infographic-2017, 2017 йилда 1,3 триллион АҚШ доллари) айнан ушбу суғурта турига тўғри келиши ва ҳалқимиз ўзаро ёрдамда мисли кўринмаган хизматлари билан олдиндан машҳур бўлганликларини инобатга олиб, ушбу ислоҳотлар давлатимизда ўзаро суғуртанинг янада ривожланишида ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламиз.
Ўзаро суғуртанинг аҳоли ва тадбиркорларга жозибадорлиги шундаки, улар бу борада ўз жамиятларини тузиб ёки мавжуд ўзаро суғурта жамиятларига аъзо бўлиб турли ҳил талофат ва ходисалар оқибатида етказилган зарарларни тегишли пул маблағларини жамғариш йўли билан қоплашлари ва ортган қисми, анъанавий суғуртадан фарқли улароқ, жамғарма аъзолари ўртасида тақсимланиши ҳам мумкин. Бунда Концепцияда белгиланган шартга кўра ихтиёрий бадалларни инвестицияга йўналтириб ундан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитларни яратиш керак бўлади.
Шуни таъкидлаш керакки жамғарма низоми, қоидалари, бадаллар хисоб-китоби ва бошқа шартлар фақат аъзоларнинг манфаатини кўзлаб ишлаб чиқилади, чунки ўзаро суғуртада аслида суғурталовчини ўзи йўқ. Ҳамма бир-бирига ёрдам кўрсатиш нияти билан аъзо бўлади, бадаллар киритади ва барча шартлар мана шу принцип асосида тартибга солинади.
Уйи ёнган маҳалладошига ким ёрдам бермаган? Ёки бир инсоннинг бошига оғир дард келганда ҳамма бир бўлиб пул йиғиб бераётганига ўзимиз деярли ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз. Бироқ буларнинг ҳаммаси бугунги кунда ходиса рўй бергандан кейингина амалга оширилмоқда. Аслида статистик маълумотларни ўрганиб, таваккалчиликларни таҳлил қилиб, ўзаро ёрдамга кенгроқ қатламларни жалб қилинса ҳамда шаффофликни таъминлаган ҳолда бунга илм асосида ёндашса қандай бўлади?
Олдиндан пухта тайёргарлик кўрилган ишда хотиржамлик ва тезкорлик бўлади, фавқулотда довдираб қолмаслик ҳамда бировга муҳтож бўлмаслик эҳтимоли анча камайиши муқаррар.